Атамбаев 15 мартга қадар тергов ҳибсхонасида қоладиган бўлди

Алмазбек Атамбаев.

Қирғизистоннинг собиқ президенти Алмазбек Атамбаевни Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси тергов ҳибсхонасида ушлаб туриш муддати суд томонидан 15 мартга қадар узайтирилди. Бу ҳақда унинг адвокати Замир Жўўшев маълум қилди.

Атамбаевнинг адвокатлари иддаосича, собиқ президентнинг саломатлиги ёмонлашган, шу туфайли уни ҳибсда ушлаб туриш мақсадга мувофиқ эмас.

Алмазбек Атамбаев уюшган жиноятчилар етакчиси Азиз Батукаевни қамоқдан ноқонуний бўшатилиши билан боғлиқ иш ва бошқа қатор моддалар билан айбланмоқда. Мазкур иш юзасидан собиқ бош прокурорлар Аида Салянова, Индира Жўлдубаева, ўндан зиёд мулозим ва шифокорга айблов билдирилган.

Батукаев 2013 йили “бедаво дардга йўлиққан”и боис муддатидан аввал қамоқдан озод бўлиб, Россияга учиб кетган. Ички ишлар вазирлиги мазкур ҳодиса юзасидан қайта тергов ўтказиб, ишни судга оширган.

Атамбаев ўтган йил август ойида Қўйтош қишлоғидаги уйида куч ишлатар идоралар томонидан ўтказилган махсус амалиёт чоғида ушланганидан бери МХДҚнинг тергов ҳибсхонасида тутиб турилибди.