Россия президенти Владимир Путин парламент олдида сўзлаган йиллик нутқи давомида ички масалаларга, жумладан, Россия аҳолисининг озайиб бораётгани билан боғлиқ масалаларга тўхталиб ўтди.
Путин 15 январь куни Федерал Мажлис олдида сўзлаган нутқида туғилишни кўпайтириш ҳамда янги оилаларни қўллаб-қувватлаш учун расмийлар кўпроқ чора кўриши кераклигини таъкидлади.
Президентнинг сўзларига кўра, қисқариб бораётган маошлар аҳоли сони ўсишига тўсқинлик қилмоқда. Айни дамда Россия аҳолиси 147 миллион кишини ташкил қилади.
Россия президенти туғилишни кўпайтириш учун ҳукумат қўшимча субсидиялар жорий қилинишини билдирди.
Путиннинг нутқи Россия Қримни аннексия қилиб, Украина шарқида айирмачиларни қўллаётгани ҳамда АҚШ сайловларига аралашгани учун Ғарб давлатлари мамлакатга қарши санкция жорий қилган бир пайтга тўғри келди.
Иқтисодчилар Россияга қарши жорий қилинган санкциялар мамлакат иқтисодий ўсишини секинлатгани айтишмоқда. Хусусан, санкциялар туфайли мамлакатда камбағаллик ошиб бормоқда. Шунингдек, аҳоли ўртасида жорий ҳукуматдан норозилик ошиб бормоқда. Ўтган йилнинг ёзида пойтахт Москвада ва бошқа шаҳарларда кенг кўламли аксилҳукумат норозилик намойишлари бўлиб ўтди.