Россия ҳукумати истеъфога чиқди

Москва, 2020, 15 январь.

Россия ҳукумати истеъфога чиқди. Бу ҳақда бош вазир Дмитрий Медведев президент Владимир Путин билан учрашувда маълум қилди.

Медведев ҳукуматининг истеъфоси президент Путин Федерал Мажлисга йиллик мурожаатини ўқиб эшиттирганидан бир неча соат ўтиб эълон қилинди.

Путин мурожаати давомида конституцияга ўзгартиришлар киритишни таклиф қилди. Россия раҳбари таклиф қилаётган ўзгартишлар мамлакат сиёсий тизимини кескин ўзгартириши айтилмоқда.

Путин Хавфсизлик кенгашида раис ўринбосари лавозими жорий этилишини ва унга Дмитирий Медведевни тайинламоқчи эканлигини билдирди.

Путин 15 январь куни Федерал Мажлисда сўзлаган нутқида 1993 йилда қабул қилинган конституция ўзгартирилиши керак, деган фикрни билдирди. Хусусан, президент вазирларни ҳамда бош вазирни тайинлаш ҳуқуқи Россия парламентининг қуйи палатаси - Давлат Думасига ўтказилиши кераклигини айтди. Айни дамда уларни президент тайинлайди.

Аммо Путин бир вақтнинг ўзида Россия “кучли президент республикаси” бўлиб қолиши кераклигини айтди. Унинг сўзларига кўра, вазирларни ҳамда бош вазирни ишдан олиш ҳамда мудофаа ва хавфсизлик вазирларини тайинлаш ҳуқуқи президентда қолиши керак.