Россия президенти Владимир Путин 15 январь куни Федерал солиқ хизмати раҳбари Михаил Мишустинни Давлат думасига бош вазир лавозимига номзод ўлароқ кўриб чиқиш таклиф қилди.
53 ёшли Мишустин солиқ хизматини 2010 йилдан бери бошқариб келади. Бунгача у инвестиция бизнеси билан машғул бўлган, Федерал солиқ хизмати ва ҳукуматда ишлаган. Уч вазир қўл остида солиқ ва йиғимлар бўйича вазир муовини вазифасида фаолият юритган.
2014 йил якунларига кўра, унинг рафиқаси амалдорларнинг энг бой хотинлари рейтингидан жой олган. Мазкур рейтингга Forbes журнали даромади йилига 160 миллион рублдан ошган шахсларни киритган.
Аввал хабар қилганимиздек, Россия ҳукумати 15 январь оқшомида истеъфога чиққан. Медведев кабинетининг истеъфоси президент Путин Федерал мажлисга йиллик мурожаатини ўқиб эшиттирганидан бир неча соат ўтиб эълон қилинган.