Қирғизистон Олий суди умрбод қамалган Азимжон Асқаров ишини янги ҳолатлар бўйича кўриб чиқади

Азимжон Асқаров

Қирғиз Республикаси Олий суди янги очилган ҳолатлар бўйича умрбод қамоқ жазосига ҳукм этилган ҳуқуқ ҳимоячиси Азимжон Асқаров ишини кўриб чиқади. Бу ҳақда Олий суд матбуот хизмати хабар қилди.

Азимжон Асқаров 2010 йил, июнь ҳодисаларидан кейин тартибсизликларни ташкиллаштириш ва милиция ходимини ўлдиришда қатнашганлик гумони билан қўлга олинган. Барча инстанциялардаги судлар қарори билан у умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

2016 йилнинг апрелида БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитаси Қирғизистон расмийларини инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси ишини қайта кўриб чиқишга чақирган. Қўмита ўз қарорини ноқонуний қўлга олиш, қийноқлар қўллаш ва Азимжон Асқаровни оғир шароитларда сақлаб турилиши билан асослаган. Қирғизистон суди ишни янги ҳолатлар бўйича қайта кўриб чиққан, бироқ ҳукмни ўзгаришларсиз қолдирган.