Президент Мирзиёев 17 январь куни Жаҳон банки вице-президенти Сирил Мюллер бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.
Давлат раҳбари матбуот хизматининг хабар қилишича, учрашувда икки томонлама ҳамкорликнинг долзарб масалалари ва устувор йўналишлари муҳокама қилинган.
"Муҳим тармоқларда, жумладан, қишлоқ хўжалиги, энергетика, нефть-газ тармоғи, транспорт ва бошқа соҳаларда ислоҳотларни давом эттиришга кўмакни кенгайтириш ҳамда қашшоқликка қарши курашиш борасида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Ўзбекистон ва Жаҳон банки ўртасидаги шериклик бўйича янги узоқ муддатли стратегияни ишлаб чиқишга келишиб олинди" дейилган расмий хабарда.
Президент матбуот хизматига кўра, Жаҳон банки гуруҳи Ўзбекистонда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг янги дастурини амалга оширишда стратегик шерикдир.
"Банк экспертлари Ўзбекистонда қишлоқ ва сув хўжалиги, геология, банк-молия ва солиқ, таълим соҳаларида модернизация ишларини самарали амалга оширишга доир таклифларни ишлаб чиқишда, инвестиция ва ишбилармонлик муҳитини такомиллаштириш ҳамда бошқа устувор йўналишларда фаол иштирок этмоқда. Бугунги кунда Жаҳон банки томонидан Ўзбекистонда амалга оширилган ва давом эттирилаётган лойиҳаларнинг қиймати 5,5 миллиард долларни ташкил этади" дейилган расмий хабарда.
Ўзбекистон ва Жаҳон банки ўртасидаги шериклик бўйича янги узоқ муддатли стратегияни ишлаб чиқишга келишиб олингани хабар қилинди.