Мажбурий ижро бюроси қоидабузар ҳайдовчилардан 41 млрд. пул ундирди

Мажбурий ижро бюроси (МИБ) Тошкент шаҳрида 8 минг 553 та машинани жарима майдончасига жойлаб, уларнинг ҳайдовчиларидан 41 миллиард 142 миллион сўм жарима ундирди.

Daryo.uz нашрининг, МИБ матбуот хизматига таяниб хабар қилишича, бюро Тошкент шаҳар ИИББ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси билан ҳамкорликда пойтахтда рейд ўтказиб келмоқда.

Маълум қилинишича, 2019 йилнинг 11 июнидан 31 декабрига қадар жами 136 минг 627 қоидабузар ҳайдовчи аниқланган.

"Ҳайдовчилар ихтиёрий – 60 кун муддатда жарималарни тўламагани оқибатида, МИБ 48 071 та қоидабузарлардан 15 миллиард 979 миллион сўм ундирган", деб хабар қилади агентлик.

МИБ Ўзбекистон Бош прокуратураси қошида тузилган бошқармадир.

Бу бошқарма мамлакат бўйлаб жаримага тортилган ёки мажбурий тўловларини тўламаётган аҳолидан тўловларни мажбуран ундиришга масъул қилинган.

Тўловларни мажбуран ундириш жараёнида ташкилот ходимларининг аҳоли билан зиддиятга кираётгани, айрим ҳолларда, иш тортишув ва муштлашувга айланиб кетаётгани ҳақида Озодликка кўплаб шикоятлар келган.

Ижтимоий тармоқларда кузатилишича, эндиликда МИБ ходимларининг ҳайдовчилардан жарималарни ундириш жараёнига қўшилгани ортидан, жарима майдончалари ёхуд кўчаларда ҳайдовчилар билан тортишувлар келиб чиқмоқда.