Ëнғинда ўлган ўзбеклар шахсини аниқлаш учун улар яқинларидан ДНК намунаси олинади

Россиянинг Томск вилояти Асиновск тумани Причулимск қишлоғидаги ётоқхонада 21 январга ўтар кечаси чиққан ёнғин оқибатида 10 ўзбекистонлик меҳнат муҳожири нобуд бўлди.

Бу ҳақда Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълум қилди.

Нобуд бўлганларнинг ҳаммаси бир қаватли ëғоч уйда яшаëтган ‘Гринвуд’ ёғоч тайёрлаш компанияси ишчилари бўлган.

«Улардан 10 нафари воқеа жойида ҳалок бўлган ва икки нафар фуқарога тиббий ёрдам кўрсатилиб, жавоб берилган"¸ дейилади вазирлик баëнотида.

Ўзбекистонлик муҳожирлар жасади ҳозирда Томск области Асино шаҳридаги туман шифохонаси ўликхонасида сақланмоқда.

Россия расмийларига кўра, воқеа жойида хуқуқни муҳофаза қилувчи органлари томонидан терговолди суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Россия Тергов қўмитаси ‘Гринвуд’ компаниясига қарашли ҳужжатлар мусодара қилиб¸ унинг раҳбари қидирувга берилганини билдирди.

Айтилишича¸ бу ҳужжатлар ëнғин пайтида кимлар яшагани ва ўлганлар шахсини аниқлашга ëрдам беради. Куйиб кетган муҳожирлар шахсини аниқлаш учун¸ Тергов қўмитасига кўра¸ улар қариндошларидан ДНК намуналари олинади.

Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг билдиришича¸ Ташқи ишлар вазирлиги ҳудудий консуллик хизматлари билан ҳамкорликда ҳалок бўлганларнинг шахсига аниқлик киритиш ва уларни ватанига олиб келиш бўйича ташкилий ишларни олиб бормоқда.