Тошкентдаги Корея маданият марказида 20 январь куни блокчейн технологиясига бағишланган халқаро конференция ҳамда “UzNEX” криптобиржасининг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Uza.uz хабарига кўра, Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Рақамли иқтисодиётни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш “Рақамли ишонч” жамғармаси томонидан ташкил этилган тадбирдан кўзланган мақсад блокчейн технологиясини ривожлантириш, ушбу технологиянинг ижтимоий-иқтисодий соҳада тутган ўрни ва вазифалари ҳақидаги маълумотларни жамоатчиликка етказишдан иборат.
Анжуманда Жанубий Корея, Япония, Сингапур давлатларида фаолият юритаётган блокчейн соҳасидаги етакчи ширкатлар, Ўзбекистондаги вазирлик ва идоралари раҳбарлари иштирок этган. Тадбир доирасида “КOBEA GROUP” компаниясининг Марказий Осиёдаги илк криптобиржаси ва офиси очилиши маросими ҳам бўлиб ўтган.
“UzNEX” биржасида миллий валюта, кредит карталари ва АҚШ доллари амал қилади. Ўзбекистонликларга криптовалютани биржада сотиш ҳуқуқи берилади, хорижий резидентлар эса криптовалюта биржасининг Ўзбекистон қонунларига зид бўлмаган барча хизматларидан фойдаланиши мумкинлиги айтилмоқда.