БМТ Кенгаши мажлисида Азимжон Асқаровни озод қилиш таклифи янгради

Азимжон Асқаров.

Қирғизистон БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши мажлисида сўнгги тўрт йил учун ҳисоботини тақдим этди ва БМТнинг бошқа аъзоларидан қатор таклифларни қабул қилди.

Ирландия вакили Қирғизистонни Ўш воқеалари ортидан умрбод қамоққа ҳукм этилган ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаровни озод қилишга чақирди.

Қирғизистон Олий суди судьяси Кенешбек Тўқтўмамбетов суд тизимидаги ишларга оид ўз нутқида А. Асқаров ишига ҳам тўхталиб ўтди. У ҳукм Қирғизистон қонунларига мувофиқ чиқарилганини қайд этди ва Асқаровнинг шикоят аризаси яқин орада кўриб чиқилажагини билдирди.

Азимжон Асқаров 2010 йилдаги қонли ҳодисалардан кейин тартибсизликлар уюштирганлик ва милиция ходимини ўлдиришда қатнашганлик гумони билан қўлга олинган. Барча инстанциялардаги судлар қарори билан у умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

2016 йилнинг апрелида БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитаси Қирғизистон расмийларини инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси ишини қайта кўриб чиқишга чақирган. Қўмита ўз қарорини ноқонуний қўлга олиш, қийноқлар қўллаш ва Азимжон Асқаровни оғир шароитларда сақлаб турилиши билан асослаган. Қирғизистон суди ишни янги ҳолатлар бўйича қайта кўриб чиққан, бироқ ҳукмни ўзгаришларсиз қолдирган.