Ўзбекистонда давлат чегараси кесишган жойлардаги Санитария-карантин пунктларидан ўтаётган йўловчиларни сифатли тиббий-санитария кўригидан ўтказишга алоҳида эътибор қаратилиб, пневмония ва бошқа ўткир респиратор касалликлари аломатлари аниқланган беморларни алоҳидалаш ва шифохоналарга ётқизиш чоралари кўрилмоқда. Бу чоралар, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг жамоатчилик билан алоқалар бўлими урғусига кўра, Хитойда 2019-nCoV коронавируси тарқалиши ортидан кўрилмоқда.
“Грипп, ЎРИ ва пневмония касалликларида гумон қилинган беморларни шифохоналарга ётқизиш учун даволаш-профилактика муассасалари тайёргарлиги таъминланди, дори-дармон ва дезинфекцион моддалар захираси яратилди”, дейилади вазирлик хабарномасида.
Қайд этилишича, Ўзбекистон аэропортларида Хитойдан келган йўловчилар астойдил текширилмоқда.
Хитойда номаълум пневмония эпидемияси тарқала бошлаганига оид хабар дастлаб ўтган йил декабрида пайдо бўлган. 20 январгача бўлган ҳолатга кўра, мазкур вирусдан 6 киши нобуд бўлган, 227 киши шифокорлар назоратида бўлиб турибди.