Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ялпи мажлисида Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов янгидан тузиладиган ҳукумат учун номзодларни тақдим этди.
Президент томонидан Бош вазирликка кўрсатилган Арипов 21 январь кунги мажлисда депутатларнинг ялпи овози билан бу лавозимга қайта тасдиқланганидан сўнг янги ҳукумат таркибини тақдим қилмоқда.
Қайта тузилаëтган ҳукуматга ҳозирча янги раҳбарлар тавсия қилингани йўқ¸ бунинг ўрнига эски ҳукуматдаги кадрларнинг ўрин алмашаëтгани кузатилмоқда.
Хусусан¸ Очилбой Раматов Ўзбекистон Транспорт вазири лавозимидан олиниб¸ бу лавозим Бош вазир ўринбосари – инвестициялар масалалари комплекси раҳбари Элёр Ғаниевга берилди.
Ҳозирча Раматов Бош вазирнинг 1-ўринбосари лавозимини сақлаб қолди.
Раматовнинг Транспорт вазири лавозимидан кетиши ҳақида ўтган ҳафта хабар қилган ҳукуматдаги Озодлик манбалари декабрь ойида Тошкент метросида рўй берган фожиа бундай қарорга қисман сабаб бўлганини айтмоқда.
Шунингдек¸ парламентдаги Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси этиб сайланган Маданият вазири Бахтиёр Сайфуллаев ўрнига Ўзбекистон халқ артисти Озодбек Назарбеков тавсия қилинди.
Назарбеков 2017 йилнинг августидан бери Маданият вазири ўринбосари лавозимида ишлаëтган эди.