Ўзбекистонда Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди ўз фаолиятини бошлади. Мазкур фонд Адлия вазирлиги томонидан нодавлат нотижорат ташкилоти ўлароқ рўйхатга олинган.
“Жамоат фондимизнинг асосий мақсади оммавий ахборот воситаларига медиа бозорида тенг шароит яратиш, уларни янада ривожлантириш ҳамда журналист ва блогерларнинг ҳуқуқларини рўёбга чиқаришга кўмаклашишдир”, дейилади фонднинг Telegram канали орқали тарқатилган хабарномасида.
Фонд “оммавий ахборот воситаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, журналист ва блогерлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш, уларга ҳуқуқий, ташкилий, техник ва бошқа хил ёрдам кўрсатиш” кабиларни ўзининг устувор вазифалари қаторида санаб ўтган.