Президент мажбурий меҳнат учун жавобгарликни кучайтирувчи қонунга қўл қўйди

Ўзбекистондаги мажбурий меҳнат¸ айниқса¸ пахта мавсумидаги маъмурий босим ҳақида хориж матбуотида кўплаб материал эълон қилинган.

Ўзбекистон Адлия вазирлигининг маълум қилишича¸ 22 январь куни президент Шавкат Мирзиëев “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонунни имзолаган.

10 га яқин қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимча киритилган янги қонундаги ўзгаришлардан бири “меҳнатга маъмурий тарзда мажбурлаш учун жавобгарлик”ни кучайтиришдир.

Президент қўл қўйган янги қонунга мувофиқ¸ меҳнатга бирон-бир шаклда маъмурий тарзда мажбурлаш (бундан қонунда назарда тутилган ҳоллар мустасно) учун базавий ҳисоблаш меъëрининг( БҲМ) 50 бараваридан 100 бараваригача миқдорда жарима белгиланди. Ҳозиргача бундай ҳаракат БҲМнинг 10 бараваридан 30 бараваригача миқдордаги жарима билан жазоланган.

Huquqiy Axborot Telegram каналида берилган изоҳга кўра¸ “вояга етмаган шахс меҳнатидан унинг соғлиғига, хавфсизлигига ёки ахлоқ-одобига зиён етказиши мумкин бўлган ишларда фойдаланиш, бундай қилмиш учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса¸ базавий ҳисоблаш меъëрининг 25 бараваригача миқдорда жарима¸ ëки 3 йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ëки 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади”.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексида хусусий бандлик агентликлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун ҳам жавобгарлик белгиланди.

Адлия вазирлиги берган изоҳга кўра¸ қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга кирган¸ айни пайтда¸ айрим моддалар ва бандлар Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач амалга киритилади.