ССВ: Коронавирус тарқаган Хитойдан Ўзбекистонга келаëтган учқич йўловчилари алоҳида назоратга олинди

Айтилишича¸ Ўзбекистонга Хитойдан бир ҳафтада 11 та авиақатнов йўлга қўйилган.

Хитойда бошланиб¸ бошқа давлатларга ҳам тарқай бошлаган коронавирус эпидемиясининг Ўзбекистонда ëйилиши олдини олиш мақсадида «Uzbekistan Airports» АЖ ҳамда «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ Тиббий-санитария хизмати томонидан Хитойдан келаëтганларни тиббий мониторингдан ўтказиш чоралари кўрилмоқда.

Бу ҳақда 23 январь куни Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги расмийлари маълумот берди.

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида мазкур вазиятга оид ўтказилган матбуот анжуманида вазирлик мутахассислари Вирусология илмий текшириш институтида коронавирусга чалингани гумонланган беморларни қабул қилиш учун махсус бокс тайёрлаб қўйилганини билдирди.

Расмийлар Хитойнинг Ухань шаҳрида бошланган бу коронавируснинг Ўзбекистонга кириб келиши олдини олиш мақсадида ҳар бир чегара пунктлари, хусусан 11та аэропорт тепловизорлар билан жиҳозлаб чиқилгани ва ходимларнинг махсус тайёргарликдан ўтказилганини маълум қилди.

Айтилишича¸ Хитойдан Ўзбекистонга келаëтган рейс йўловчилари алоҳида назоратга олинган¸ мамлакат сарҳадларидаги 37 та божхона постига бу вазият бўйича керакли кўрсатмалар берилган.

“Биз нафақат Хитой йўналиши бўйича, балки республикамизга кириб келишнинг барча йўналишлари бўйича эпидемиологик назорат ўрнатганмиз. Барча чегара пунктлари керакли жиҳозлар, жумладан тепловизорлар билан таъминланган”¸ деган жумладан Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги директори Баҳром Алматов.

Айни пайтда Вазирлик матбуот котиби Фурқат Санаев Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти 23 январь куни юборган маълумотда Хитойда кузатилаётган коронавируснинг дунё бўйлаб тарқалиб кетиш хавфи камлиги, жиддий хавотирга ҳожат йўқлиги билдирилганини айтди.