Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳаммедов мамлакат Миллий хавфсизлик ва Мудофаа вазирига “ишда йўл қўйган камчиликлари учун “ жиддий танбеҳ берди.
Давлат матбуотининг ëзишича¸ Миллий хавфсизлик вазири Яйлим Бердиев ва Мудофаа вазири Бегенч Гундогдиев “хизмат ваколатларини рисоладагидай амалга оширмаганлик” ва “йўл қўйилган камчиликлар” учун сўнгги огоҳлантирув олган.
Матбуот хабарларида иккала вазирнинг айнан қайси камчиликлар учун огоҳлантирув олгани очиқланмаган.
22 январь кунги Давлат хавфсизлик кенгаши йиғинида Бердимуҳаммедов Хавфсизлик вазири Бердиев рутбасининг генерал-лейтенантликдан генерал-майор даражасига туширилгани ва унинг Хавфсизлик кенгаши котиби лавозимидан ҳам бўшатилганини эълон қилган.
Бердиев бундан олдин ўтган йил ноябрь ойида ҳам Бердимуҳаммедовдан танбеҳ олган эди. Ўшанда Хавфсизлик вазири ўзининг гейлигини тан олган туркман врачи ва унинг оиласи қийноққа солингани халқаро ҳамжамият томонидан кескин танқидга учрагани ортидан президентдан огоҳлантириш олган эди.
Бердимуҳаммедов дунëнинг табий газга бой давлатларидан бири саналган Туркманистонни 2006 йилдан бери бошқариб келмоқда.