Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатда пахта ва ғалланинг харидидан босқичма-босқич воз кечилажагини урғулади. Президент бу ҳақда Олий Мажлис палаталарининг илк қўшма мажлисида сўзлади.
“Пахта, мева-сабзавот, ғаллачилик, балиқчилик соҳаларида дунёқарашимизга кластер деган сўз кириб келяпти. Бу ҳам ҳозир биринчи қадамларимиз. Жойларда назорат бўлмагани учун, кластерларнинг 20 фоизи ҳам коррупцияга ўтиб кетяпти. Нимага десангиз, улар ҳали банк билан ҳисоб-китоб қилишга ишонмаяпти. “Ўғри бўлсам, битта раҳбарга бориб, 20 фоиз берсам, кечаси тинч ухлайман. Банк билан ишласам, тинч ухламайман”, дейди. Мана бизнинг дунёқарашимиз. Бу билан узоққа бора олмаймиз”, дея иқтибос келтиради Ш.Мирзиёев сўзларидан Кун.уз нашри.
Президент кластер фермерни бой қиладиган тизим бўлиши лозимлигини таъкидлаб, Ўзбекистонда фермер давлат томонидан ҳеч қачон камситилмаслигига ваъда берган.
Мирзиёев ўз сўзида “мева-сабзавотчиликда экспорт ҳажмини 2025 йилда камида 5 миллиард доллардан ошириш, бунинг учун кооперация ва кластер тизимини жадал жорий этиш; сақлаш, ташиш ва қайта ишлашнинг яхлит ва замонавий инфратузилмасини ташкил этиш ва янада кенгайтириш лозим”лигига эътибор қаратган.