Хитой президенти Си Цзинпин вазият оғир, аммо муаммони енгиш мумкин деб баёнот берди

Хитой президенти мамлакатидаги вазиятни “жуда оғир” деб атади, чунки тез тарқалаётган коронавирус – тожсимон вирус кўп одамларнинг умрига зомин бўлди, яна кўпчиликка юқди.

Айни чоқда дунёнинг бошқа мамлакатларида ҳам коронавирусни юқтирган кишилар борлиги аниқланмоқда.

Президент Си Цзинпин 25 январда Коммунистик партия раҳбарлари мажлисида мамлакат “янги вируснинг тарқалишини тезлаштираётган оғир вазиятга дуч келгани”, шу пайтгача бунинг оқибатида 56 киши нобуд бўлгани, вирус яна 1 минг 975 кишига юққанини айтди.

Бироқ Си, мамлакат “ушбу жангда ғолиб бўлиши”ни айтиб, ватандошларини тинчлантирмоқчи бўлди. Айни дамда тобора кўпроқ шаҳарларга транспорт воситаларининг кириши ва чиқиши тўсиб қўйилаётгани ҳақида хабарлар тарқалмоқда.

Бўҳрон Хитойдаги энг катта байрам – ой тақвими бўйича янги йил кенг миқёсда нишонланишига халақит берди.

Мамлакатнинг Саёҳат хизматлари уюшмаси сайёҳлик агентликларига одамларнинг гуруҳ бўлиб саёҳат қилишини тўхтатиш зарурлигини билдирган.