Қашқадарё вилояти ҳокими Зойир Мирзаев маҳаллий блогерга берган интервьюсида илк бор "ариқ воқеаси"ни изоҳлади.
Мулозим воқеадан катта хулоса чиқаргани, хатолар учун жавоб бериш кераклигини тушуниб етганини айтди.
Қашқадарё вилояти ҳокими Зойир Мирзаев юрист ва блогер Хушнудбек Худойбердиевнинг «Aytingchi…» лойиҳасига интервью берди.
Суҳбатда у Тошкент вилоятининг Оққўрғон туманида олти кишини буғдойни вақтида суғормагани учун жазо тариқаси ариққа туширгани ортидан истеъфога чиқарилгани ҳақида гапирди.
"Ҳеч ким хатодан ҳоли эмас… Келинг, бир нарсани айтай, вақт керак бўлар, балким бир йил ўтар, кўпроқ вақт ўтар, бу нарсанинг таги, негизи нима бўлганини бутун халқимиз билади. Мен, албатта, яна айтаман, бу — менинг хатойим бўлган. Замонни ўзгарганини ҳазм қила олмаганим. Замонга мослаша олмаганим. Сабаби, юқорида айтдимку, очиқлик… Бу нарсани ҳамма ҳам ҳазм қила олмайди", деди Зойир Мирзаев жумладан.
Мулозимларни сувга тушириб таҳқирлагани билан Озодлик муштарийларига яхши таниш бўлган Зойир Мирзаев ўтган йилнинг 29 октябрь куни бош вазир муовини лавозимидан бўшатилганди.
Бунга қадар - 2018 йилнинг октябрида Ўзбекистон Бош вазирининг Қишлоқ ва сув хўжалиги, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларини қайта ишлаш масалалари бўйича ўринбосари лавозимида ишлаб турган пайтида - Зойир Мирзаев Тошкент вилоятининг Оққўрғон туманида 6 кишини ариқдаги сувга тушириб, таҳқирлаган эди.
Президент фармонида Мирзаевнинг ғалла экиш ва суғориш ишларини ташкил этиш жараёнида жиддий камчиликларга йўл қўйгани боис ишдан олингани айтилди. Аммо, Бош вазир Абдулла Арипов "ариқ воқеаси"ни шармандали, деб қоралаган эди.
Ноябрда Зойир Мирзаев Жиззах вилояти Шароф Рашидов тумани ҳокими лавозимига тайинланди, 2019 йилнинг октябрида эса Қашқадарё вилоятига раҳбар бўлди.