Агентлик: Россиядан депортация қилинган ўзбекистонликлар сони тахминан 300 минг нафар

Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги айни пайтда тахминан 300 минг нафар ўзбекистонлик Россиядан депортация қилинганини билдирди.

Kun.uz нашрининг хабар қилишича, агентлик раҳбари Бахтиёр Турсунов, журналистларга берган интервьюсида, бу рақам тахминий экани, аниқ рақамни Ташқи ишлар вазирлиги ойдинлаштириши мумкинлигини айтиб ўтган.

"Биздаги маълумотга кўра, ҳозирги кунда Россия ҳудудидан депорт қилинганлар сони 300 минг нафарни ташкил қилади. Депорт қилинганлар сони статик, яъни ўзгарувчан маълумот бўлиб, депорт қилинганларнинг қўшилиши ёки тақиқнинг ечилиши туфайли мазкур кўрсаткич ўзгариб туради", дея иқтибос келтирди мулозимдан ушбу нашр.

Расман маълум қилинишича, шу кунда хорижда юрган ўзбекистонликлар сони салкам 2 миллионни ташкил қилади.

Буларнинг 80 фоизи Россия, 15 фоизи Қозоғистон, 5 фоизи Жанубий Корея, Туркия, БАА, АҚШ ва бошқа давлатларда ишламоқда.

Айни пайтда, Ташқи ишлар вазирлиги Консуллик-ҳуқуқий департаменти биринчи котиби Рустам Ғозиев ҳозир Россияда бўлган ўзбекистонлик муҳожирлар аниқ сони номаълум эканини ҳам таъкидлаб ўтган.