Халқаро ҳуқуқий нуқтаи назардан прописка бу камситиш ёки дискриминациядир. Бу баёнот Қонунчилик Палатаси спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов тилидан янгради.
Бу фикрни Акмал Саидов 25 январ куни Халқаро пресс-клубнинг навбатдаги сессияси чоғида айтди.
Тадбирда иштирок этган молия вазири Жамшид Қўчқоров эса прописка тизимининг бекор қилиниши иқтисодиёт ўсишига кўмак беришини урғулади.
“Прописка тушунчаси ҳеч қаерда йўқ. Бизда ҳам йўқ бўлиши керак. Европада нега ривожланиш даражаси юқори, чунки аҳоли у ерда мобил”, деган вазир Ўзбекистонда эса неча йиллардан бери бир шаҳар ёки қишлоқдан силжимасдан яшаб келаётган кишилар борлигини қўшимча қилди.
Ўзбек амалдорлари прописка тизимининг зарарлари ҳақида президент Шавкат Мирзиёев 24 январ куни парламентга йўллаган мурожаатномасида 2020 йил 1 апрелга қадар прописка тизимини ислоҳ қилиш бўйича халқаро тажрибани ўрганиб, аниқ таклифлар ишлаб чиқиш хусусида сўзлаганидан кейин очиқ гапира бошладилар.
Ўзбекистон ўз фуқаролари пойтахтга келиб кетишда махсус рўйхатга туриши керак бўлган ва ва ушбу жараён мураккаблаштириб қўйилган икки давлатдан бири ҳисобланади. Шимолий Корея пойтахти Пхеньянда ҳам Тошкентдаги каби прописка тизими сақланиб қолган.
Ҳуқуқ фаоллари Тошкентдаги прописка тизимининг мантиқсизлиги ҳақида айтиб келишади.