Хитойда таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабаларнинг бир гуруҳи Ўзбекистонга қайтарилди. Улар айни пайтда Тошкент халқаро аэропортида ҳар томонлама такомиллаштирилган тиббий текширувдан ўтказилмоқда. Бу ҳақда Дарё нашри 26 январь оқшомида Telegram тармоғидаги “Platforma.uz” канали маълумотига таянган ҳолда хабар тарқатди.
Хабарда Хитойдан Ўзбекистонга қайтган талабалар сонига аниқлик киритмаган. Хитойнинг коронавирус тарқалган Ухан шаҳрида бўлиб турган 30 дан зиёд ўзбекистонлик талаба ватанга қайтарилиши ҳақида аввалроқ Ўзбекистон ташқи ишлар вазирии Абдулазиз Комилов билдирганди.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги маълумотига кўра, Ухан шаҳрида 250 га яқин ўзбекистонлик талаба яшайди. Уларнинг кўпчилиги семестр якунланганлиги учун янги йил таътилида ватанларига қайтишган.
Айни пайтда Хитой 30 ўзбекистонлик талаба қамалиб қолган Ухандан ташқари яна 9 та шаҳарни ёпиб қўйган.
Сўнгги маълумотларга кўра, ҳозирга қадар Хитой бўйлаб 2000 дан зиёд одамнинг вирус юқтиргани тасдиқланган. Ўлганлар сони эса 56 нафардан ошган.