Қашқадарё вилоятида тартиб посбонлари билан “мулоқот” ортидан ўлган 32 ёшли йигитга нисбатан мансаб ваколати доирасидан четга чиққанликда гумонланмиш ИИБ ходимлари ҳибсга олинди. Бу ҳақда "Новости Кашкадарьи" Телеграм-канали хабар қилади.
Вилоят прокуратураси маълумотига кўра, ҳодиса 23 январь куни рўй берган. Лангар қишлоғида ўтказилган тезкор-қидирув тадбири чоғида Чироқчи туман ички ишлар идоралари фаолятини мувофиқлаштириш бошқармаси ходимлари қорамол ўғирлаганликда гумонланмиш 32 ёшли эркакни ушлаганлар. Қўлга олинган шахс бўлимга етказилган ва ўша ерда жон берган.
Мазкур ҳодиса юзасидан ИИБнинг камида икки нафар ходимига нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 206-моддаси (Ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш) бўйича жиноят иши очилган.