Хитой расмийлари янги коронавирус тез тарқалаётгани, вирусни юқтириб олганлар сони ошиғич ошиб бораётгани ҳақида билдирмоқдалар. Сўнгги маълумотларга кўра, мамлакатда вирусга чалинганлар сони 2300 нафардан ошиб кетган, 80 киши эса нобуд бўлган.
Хитой соғлиқни сақлаш вазири Ма Сяовэй 26 январь куни мамлакат “критик босқич”га кираётгани, чунки “афтидан, янги вируснинг тарқалиш имконияти кучаяётгани” ҳақида баёнот берди. Сяовэйга кўра, ҳаракатланишга қўйилган чекловлар ва назоратнинг бошқа кескин чоралари “минимал харажат ва максимал тезликда” натижа бериши керак.
26 январь куни Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) бош директори коронавирус тарқалишига оид вазиятни хитойлик амалдорлар ва тиббиётчилар билан муҳокама қилиш учун Пекинга боришни режалаётганини маълум қилган.
Вирус юқтириб олиш билан боғлиқ ҳолатлар бошқа мамлакатларда ҳам кузатилмоқда. Сўнгги маълумотларга кўра, ўлим ҳолатлари фақат Хитойдагина қайд этилган. Бироқ Таиланд, Австралия, АҚШ, Канада ва Францияда вирусга чалинганлар сони ортиб бораяпти. АҚШ, Франция ва Япония ўз фуқароларини шаҳардан эвакуация қилишга тайёр эканларини билдирганлар.
Президент Си Цзинпин 25 январь куни Хитой “янги коронавируснинг тез тарқалиши билан боғлиқ жиддий вазият билан қарама-қарши қолгани”ни айтган. Аввалроқ мамлакатдаги бир неча шаҳар ёпиб қўйилгани, жамоат транспорти ва авиақатновлар тўхтатилгани ҳақида хабар қилинган.
Хитой Саёҳат хизматлари уюшмаси сайёҳлик агентликларига одамларнинг гуруҳ бўлиб саёҳат қилишини тўхтатиш зарурлигини билдирган.
Амалдорларга кўра, вирус туфайли ҳаётдан кўз юмганларнинг кўпчилиги 50 ёшдан ошган одамлардир. Айрим пайтларда хасталик асоратлари деярли кўзга ташланмаяпти, бошқа пайтларда эса шамоллашга ўхшаш белгилар (масалан, йўтал ва титроқ каби) намоён бўлмоқда. Оғир ҳолатларда эса нафас олишда қийналиш каби белгилар аниқланган.