Болтон китоб ёзиб, унда Трампни хизмат ваколатларини суиистеъмол қилишда айблади

АҚШ президентининг миллий хавфсизлик бўйича собиқ маслаҳатчиси Жон Болтон.

АҚШ президентининг миллий хавфсизлик бўйича собиқ маслаҳатчиси Жон Болтон ёзган китобида президент Дональд Трамп Украина унинг сиёсий рақибларини тергов қилмаса, мамлакатга ёрдам беришни музлатиб қўйишга ҳаракат қилгани ҳақида ҳикоя қилди. Бу ҳақда 26 ноябрь куни The New York Times​ нашри хабар қилди.

Болтон ҳали чоп этилмаган китобида ёзишича, Трамп унга Киев сиёсий рақиблари, жумладан, собиқ вице-президент Жо Байден ва унинг ўғлини тергов қилмаса, Украинага ваъда қилинган юзлаб миллион ҳарбий ёрдамни тўхтатиб қўйишни исташини айтган.

Трамп ҳуқуқшунослари президент Киевга босим ўтказмаганини таъкидлаб келади.

Болтоннинг китоби ҳақида хабар тарқалиши ортидан демократлар уни Трампга нисбатан импичмент тергови доирасида кўрсатма беришга чақирди.

Демократлар назоратидаги Намояндалар палатаси 2019 йил декабрида АҚШ тарихида учинчи марта президентга импичмент эълон қилиш бўйича овоз берган эди. Намояндалар палатасидаги Демократик партия аъзолари 18 январь куни Трампни президент ваколатларидан ўз шахсий сиëсий манфаати учун фойдаланганлик ва ўз кирдикорларини яшириш учун Конгресс терговига халақит берганликда айбловчи ҳужжатни расман Сенатга тақдим қилди.

27 январь куни Сенатда импичмент эшитувлари давом этади.