"Қайси шаклда, қайси қисмида Ўзбекистон мазкур интеграцион ташкилотларда иштирок этиши мумкинлигини аниқлаймиз. ЕОИИ бўйича кўплаб саволлар пайдо бўляпти. Аввало, бизнинг интеграцияга муносабатимизни билдирсам. Глобаллашув даврида бу - табиий жараён. Ўзбекистон ҳам бу жараёндан четда қолиши мумкин эмас. Биз доим миллий ва давлат манфаатларидан келиб чиқиб, иш тутамиз".
Бу фикрни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Халқаро пресс-клубнинг (Тошкент шаҳри) 25 январь куни ўтказилган сессиясида сўзлаган нутқи давомида билдиргани тўғрисида gazeta.uz хабар қилди.
Нутқи давомида Комилов яна бундай деган:
"Ташқи ишлар масаласида асосийларидан бири — йирик, стратегик ҳамкорлик мавжуд давлатлар билан алоқаларни ривожлантириш. Булар, аввало, буюк давлатлар — Хитой, Россия, АҚШ, Япония, Жанубий Корея, Туркия, араб давлатлари ва Европа Иттифоқи, Осиё мамлакатлари. Россия Федерацияси билан нафақат икки томонлама алоқаларни ривожлантирамиз: Ўзбекистон жорий йилда МДҲ раислигини қабул қилган".
Президент мурожаатномасида ташқи сиёсатда интеграция масаласига алоҳида тўхталганди. Шавкат Мирзиёев Евроосиё иқтисодий иттифоқини назарда тутган ҳолда, қуйидаги фикрни билдирган:
"Бу масалани бир йилдан бери ўрганяпмиз. Бу масалани энг аввало халқимизнинг манфаатлари, уларнинг орзу-истакларига таяниб ҳал қиламиз. Депутатлар ва сенаторлар ушбу масалани атрофлича ўрганиб, хулосалар беришни ўз зиммаларига олишлари лозим. Депутатлар қўлига қалам олиб масаланинг ижобий ва салбий томонларини ўргансин. Уларни айтгани бўлади. Маъқул деса — маъқул, номаъқул деса — номаъқул бўлади".