Human хусусий бандлик агентлиги раҳбари Шоҳинур Файзуллаев 10 йилга озодликдан маҳрум қилинди

Пулини ололмаётганлар HUMAN агентлиги биносида. 2019 йилнинг сентябри.

Судланувчидан, шунингдек, 1080 нафардан ортиқ жабрланувчи фойдасига 21 миллиард 192 минг сўмдан зиёд миқдорда моддий зарар ундирилиши белгиланди.

27 январь куни жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят судида судланувчи, Human хусусий бандлик агентлиги Шоҳинур Файзуллаевга нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни ниҳоясига етди ва суд ҳукми эълон қилинди.

Бу ҳақда Олий суд ахборот хизмати раҳбари Азиз Обидовга таяниб, gazeta.uz хабар қилди.

Дастлабки тергов органи томонидан судланувчи Шоҳинур Файзуллаев Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси («фирибгарлик») 4-қисми «а» банди, 179-моддаси («сохта тадбиркорлик»), 189-моддаси («савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш») 1-қисми, 192−11-моддаси 2-қисми «а» банди («нодавлат тижорат ташкилотида ёки бошқа нодавлат ташкилотида мансабдор шахслар томонидан ўз ваколатларини суиистеъмол қилиш»), 227-моддаси («ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкаларни, автомототранспорт воситаларининг ва улар тиркамаларининг (ярим тиркамаларининг) давлат рақам белгиларини эгаллаш, нобуд қилиш, уларга шикаст етказиш ёки уларни яшириш») 2-қисми «а» банди ва 243-моддаси («жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш»)да назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланган эди.

Суд ҳукмига кўра, Ш. Файзуллаев Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 227-моддаси 2-қисми «а» банди ва 179-моддаси билан Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддаси («реабилитация учун асослар»)нинг тегишли бандларига асосан реабилитация қилинди ҳамда унинг айбловидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 192−11-моддаси 2-қисми «а» банди чиқарилди.

Судланувчи Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми «б», «в» бандлари, 189-моддаси 1-қисми ва 243-моддасида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, унга Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 59 («бир неча жиноят содир этганлик учун жазо тайинлаш») ва 61 («жазоларни қўшишнинг ҳисоблаш қоидалари») моддаларига асосан тайинланган ҳар хил турдаги жазоларни қисман қўшиш йўли билан узил-кесил 10 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Жазони умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланди.

Судланувчидан 1080 нафардан ортиқ жабрланувчилар фойдасига 21 миллиард 192 минг сўмдан зиёд миқдорда моддий зарар ундирилиши белгиланди.

Шунингдек, жабрланувчиларга жиноят оқибатида етказилган маънавий зарарларни ундириш масаласида фуқаролик тартибида судга мурожаат қилиш ҳуқуқи тушунтирилди.

  • Тошкентдаги HUMAN хусусий бандлик агентлиги томонидан Германияга деб ёлланган 200 ва Чехияга деб ёлланган 500 ишчи жўнатилмай қолгани, ишчилар агентликка банк орқали тўлаган пулларини қайтариб ололмаётгани тўғрисида биринчи бўлиб Озодлик хабар қилган эди.