Пахта мавсумида меҳнатга мажбурлаган 43 амалдор жаримага тортилгани хабар қилинди

Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги 2019 йилги пахта йиғим-терим мавсумида мажбурий меҳнатга йўл қўйгани учун маъмурий жаримага тортилган мансабдор шахслар рўйхатини эълон қилди.

Рўйхатда жами 43 нафар мансабдорнинг исм-фамилияси келтирилган.

Жаримага тортилганларнинг икки нафари туман ҳокими, беш нафари туман ҳокими ўринбосари, 15 нафари банкларнинг ҳудудий филиаллари бошқарувчиларидир.

43 амалдорнинг барчасига Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 51-моддаси (Меҳнатга маъмурий тарзда мажбурлаш) 1 -қисми қўлланилган.

Кодекснинг 51-модда, 1- қисмида базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваридан ўттиз бараваригача миқдорда жарима солиш назарда тутилган.