Қирғизистоннинг Норин вилояти Отбоши туманида 28 январь куни логистика маркази қурилишига қарши митинг бўлиб ўтди.
Ҳукуматнинг Норин вилояти бўйича мухтор вакили матбуот котиби Назгул Мусуралиеванинг Озодлик қирғиз хизматига билдиришича, митингда аксариятини маҳаллий савдогарлар ташкил қилган 50-60 киши қатнашган.
“Улар хитойлик инвесторлар иштирокида логистика маркази қурилишига қарши чиқишди. Агар марказ қирғизистонлик инвесторлар томонидан қуриладиган бўлса, бунга рози эканларини билдиришди. Норозилар орасида тушунтириш ишлари олиб борилиб, уларнинг талаби раҳбариятга етказилиши айтилганидан сўнг митинг иштирокчилари тарқалишди”, деди Мусуралиева.
Эслатиб ўтамиз, 2019 йил июнида Қирғизистон-Хитой бизнес-форуми бўлиб ўтиб, форум якунида 24 та ҳужжат имзоланган. Улар орасида “Нур Строй Монтаж” ва One Lead One (HK) Trading Limited компаниялари ўртасида қиймати 280 миллион доллар бўлган қўшма савдо-логистика маркази бунёд этиш тўғрисидаги шартнома ҳам бор.
Лойиҳа эркин иқтисодий ҳудудлар талаб ва шартлари доирасида амалга оширилмоқда. Қирғизистонда бу каби худудлар турли солиқ ва божхона имтиёзларига эга.
Отбоши туманидаги ер участкаси “Отбоши” саноат-савдо-логистика маркази қуриш учун 49 йил муддатга ижарага берилган.