Хитойнинг Хубэй вилоятида сўнгги бир кеча кундузда тожли вирусни юқтирган яна 26 киши вафот этди. Шу тариқа ХХР Соғлиқни сақлаш Миллий комиссияси маълумотига кўра, қурбонларнинг умумий сони 132 нафарга етди.
Вафот этганларнинг кўпчилиги 60 ёшдан катталар бўлиб, улар аввал хам соғлиқларидан шикоят қилган эди, дея хабар беради South China Morning Post газетаси.
Бундан ташқари сўнгги бир кеча-кундузда пневмонияга чалиниш билан боғлиқ 1459 та ҳолат қайд қилинди. Шу тариқа Хитойда 6000 га яқин кишининг янги вирусга чалингани маълум бўлди.
Янги турдаги коронавирусга чалинганларнинг умумий сони 2002-2003 йиллардаги пневмония билан оғриган беморлар сонидан ошиб кетди. Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотига кўра, ўшанда Хитойда вирус туфайли 349 киши ҳалок бўлган, 5327 киши эса вирусга чалинган эди.
Хитойлик шифокорларнинг фикрича, янги турдаги коронавирусга чалинишнинг авж палласи яқин ўн кунда қайд қилинади, шундан сўнг вазият барқарорлаша бошлаши керак. Бироқ, Ҳонконг университети мутахассислари Хитойда вирусга чалиниш апрель-май ойларида юқори чўққига чиқишини айтишмоқда.
Коронавирус нафақат Хитойда, балки Япония, Жанубий Корея, Сингапур, Германия, АҚШ, Франция ва бошқа мамлакатларда ҳам қайд қилинди. Айрим давлатларнинг расмийлари ўз фуқароларини янги кўринишдаги коронавирус қайд қилинган Хитойнинг Ухань шаҳридан эвакуация қилишларини эълон қилди.
Чоршанба куни эрталаб Ухань шаҳридан бортида 240 нафар америкалик бўлган самолёт ҳавога кўтарилди, дея хабар беради Associated Press. АҚШ ҳукумати Ухандаги Бош консулхонада ишловчи америкалик дипломатларни, шунингдек бу шаҳарда бўлган айрим америкаликларни олиб чиқиш учун самолёт буюртма қилди.