Ўзбекистонда [тожли вирус бўйича] ҳали биттаям ҳолат бўлмаган. Кеча Бош вазир томонидан комиссия йиғилиши ўтказилди. Ҳар бир идора ва ташкилотлар, шу жумладан, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Чегара қўшинларига топшириқлар берилди.
Бу гапни Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Баҳодир Юсупалиев 29 январда Халқаро пресс-клуб сессиясида айтгани тўғрисида маҳаллий нашрлар хабар қилди.
Баҳодир Юсупалиев аҳолини ваҳимага тушмасликка чақириб, вирус Ўзбекистонга кириб келишининг олдини олиш учун етарли чоралар кўрилганини билдирган.
"Чегарадаги санитар-карантин пунктларининг фаолияти назоратга олинган. Ҳар бир пунктга инфекционист бириктирилган. Тегишли тепловизор билан кириб келаётганларнинг тана ҳарорати кўтарилган-кўтарилмаганини биламиз. Шундан келиб чиқиб, биринчи тадбирларни амалга оширишимиз мумкин бўлади. Кейинги масала, ҳар битта тиббиёт муассасасида захира ўринлар, дори-дармонлар тайёрлаб қўйилган», – деган Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари.
- Хитойнинг Хубэй вилоятида сўнгги бир кеча-кундузда тожли вирусни юқтирган яна 26 киши вафот этди. Шу тариқа ХХР Соғлиқни сақлаш Миллий комиссияси маълумотига кўра, қурбонларнинг умумий сони 132 нафарга етди.
- Бундан ташқари сўнгги бир кеча-кундузда пневмонияга чалиниш билан боғлиқ 1459 та ҳолат қайд қилинди. Шу тариқа Хитойда 6000 га яқин кишининг янги вирусга чалингани маълум бўлди.