29 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори вазифасини бажарувчи Комил Алламжонов ва директор ўринбосари Саида Мирзиёева ўз аризасига биноан эгаллаб турган лавозимларидан озод қилинди.
Бу ҳақда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ўзининг Телеграм-каналида хабар қилди.
Шу куни Саиджанов Дилшод Мадрахимович Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори вазифасини бажарувчи этиб тайинланди.
Алламжонов ва Мирзиёеваларнинг лавозимларидан озод қилинганига доир хабарда айтилишича, Президент Администрацияси Раҳбари Зайнилобиддин Низомиддинов бошчилигида кенгайтирилган мажлисда АОКА директори в.б. К.Алламжонов ва директор ўринбосари С.Мирзиёева келгуси меҳнат фаолиятларини нодавлат секторда давом эттириш режалари билан боғлиқ мурожаатларини Президент Администрациясига киритишгани ва Президент Администрацияси томонидан ушбу мурожаатлари кўриб чиқилиб, қондирилгани ҳақида эълон қилинган.
Тадбир доирасида Агентлик директори в.б. К.Алламжонов ва директор ўринбосари С.Мирзиёева ўз раҳбарлик фаолияти давомида амалга оширган ишлари ҳақида қисқа ҳисобот бериб, шунингдек, келажакдаги жамоатчилик йўналиши билан боғлиқ режалари борасида фикр билдиришди.
Хабарда Алламжонов ва Мирзиёеванинг "келажакдаги жамоатчилик йўналиши билан боғлиқ режалари"га оид конкрет маълумот берилмаган.
"Мажлис якунида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Раҳбари З.Низомиддинов Агентлик томонидан эришилган ютуқларни алоҳида таъкидлаб, К.Алламжонов ва С.Мирзиёеваларнинг республикамизнинг ОАВ соҳасида демократик ислоҳотларни амалга оширишда, журналист ва блогерларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда, давлат органлари раҳбарларининг масс-медиа билан ўзаро муносабатлари самарадорлигини оширишдаги шахсий ҳиссаларини юқори баҳолаб, Ўзбекистон давлати ривожланиши йўлидаги келгуси ишларига зафарлар тилади", дейилган Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги хабарида.
Комил Исмоилович Алламжонов 2018 йил ноябрида Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигининг директори вазифасини бажарувчи этиб тайинланган эди.
2018 йил октябрида Алламжонов президент администрацияси раҳбари ўринбосари - Ўзбекистон президенти матбуот котиби лавозимидан озод қилинган эди.
Комил Алламжонов 2017 йил декабрида президент матбуот котиби ва давлат раҳбари ижро аппарати раҳбари ўринбосари лавозимига тайинланган эди.