Хитойнинг коронавирус (тожли вирус) тарқалган мураккаб эпидемик вазият ҳукм сураётган ҳудудида 72 нафар ўзбекистонлик талаба мавжуд бўлиб, улар билан Ўзбекистоннинг Хитойдаги элчихонаси, Бош консулхонаси хизмати ходимлари ҳамда университет маъмурлари доимий мулоқот олиб бормоқда. Бу ҳақда 29 январь куни Сенат ахборот хизмати хабар қилди.
Мазкур маълумотларни Олий Мажлис Сенатининг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги мутасаддиларидан олган.
“Ўзбекистонлик талабаларнинг соғлиғи билан боғлиқ ҳеч қандай шикоятлар мавжуд эмас. Вазият тўлиқ назоратга олинган”, дейилади хабарномада.
Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов аввалроқ Хитойда қамалиб қолган ўзбек талабаларининг ватанига қайтарилишини айтганди.
Сўнгги маълумотларга кўра, Хитойда янги вирус эпидемиясидан нобуд бўлганлар сони 130 нафардан ошиб кетган.