Мажбурий меҳнат учун жазоланган мактаб директорлари суд томонидан оқланди

Иллюстратив сурат.

Қорақалпоғистоннинг Хўжайли туман маъмурий суди 2019 йилги пахта йиғим-терим мавсумида мажбурий меҳнатга йўл қўйган деб топилган ва маъмурий жаримага тортилган тумандаги тўртта умумтаълим мактаб директорига тайинланган жазони бекор қилди. Бу ҳақда Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги маълумот тарқатди.

Таъкидланишича, мазкур иш вазирликнинг назорат-ҳуқуқий хизмати томонидан ўрганиб чиқилиб, меҳнат-ҳуқуқ инспекторларининг шошма-шошарликка йўл қўйганларини аниқлаган.

Вазирлик иддаосига кўра, меҳнат-ҳуқуқ инспекторлари маълумотларни қанчалик мажбурий меҳнатга тааллуқлилигини ўрганмасдан, мажбурий меҳнат рўй бермаган ҳолатлар юзасидан баённомалар расмийлаштириб, Ўзбекистон МЖтКнинг 51-моддаси 1-қисми билан маъмурий жавобгарликка тортиш ҳақида асоссиз қарорлар қабул қилган.

Хўжайли туманидаги 7-, 8-, 9- ва 31-сонли умумтаълим мактаб директорлари меҳнат инспекторлари Л.Қ. ва Ж.К. уларга нисбатан энг кам ойлик иш ҳақининг ўн баравари миқдорида маъмурий жаримага тортиш ҳақидаги қарорларидан норози бўлиб, туман маъмурий судига мурожаат қилган.

Суд мазкур мурожаатни 2019 йил 3 декабрь куни кўриб чиқиб, инспекторлар томонидан чиқарилган қарорларни бекор қилган.

Аввалроқ Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги 2019 йил пахта йиғим-терим мавсуми давомида мажбурий меҳнатга йўл қўйганлиги сабабли маъмурий жаримага тортилган шахслар рўйхатини эълон қилганди. Рўйхатдаги 43 мансабдор орасида қорақалпоғистонлик мактаб директорларининг ҳам номи келтирилган.