Фирибгарликда айбланган журналист Саид-Абдулазиз Юсупов қамоқхона ва Сангород шароитини мақтаб чиқди

Оммавий ахборот воситаларини ривожлантириш жамғармаси собиқ раҳбари Саид-Абдулазиз Юсупов

Фирибгарликда айбланиб қамалган журналист ва Оммавий ахборот воситаларини ривожлантириш жамғармаси собиқ раҳбари Саид-Абдулазиз Юсупов маҳкумликдаги ҳаëтига оид мақола ëзди.

Бу мақола¸ gazeta.uz нашрининг хабар беришича¸ Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Жазони ижро этиш бош бошқармаси муассислигидаги «Вақт-Время» газетасида чоп этилган.

30 январь куни gazeta.uzда тўлиқ босилган бу мақола-мактубда матбуот тизимининг собиқ амалдори¸ жазо муддатини ўташ учун колонияга келганидан ўзининг “яхши маънодаги шок”ка тушганини ëзган.

Саид-Абдулазиз Юсуповнинг ëзишича¸ уни “жазони ижро этиш муассасаси ходимларининг «сиз"лаб мурожаат этишгани, қўполлик қилмай, нафсониятга тегмай муомала қилишлари ўзини ҳайратлантирган”.

Маҳкумларга тиббий ëрдам кўрсатадиган Сангород эса¸ журналист таъбирича¸ “МАСКАН” ва “Фаришталар шаҳарчаси”дир.

23-сон ММИКни, гарчи тиканак симлар билан ўралган бўлсада, фаришталар ишлайдиган, маҳкумлар шифо топадиган «Фаришталар шаҳарчаси» деб билдим”¸ деб ëзган Юсупов.

Ўзбекистон прокуратураси томонидан фирибгарликда айбланган собиқ мулозим¸ ўз мактуб-мақоласини “президент ислоҳотларини тўлиқ амалиётга татбиқ этиб, янгича ёндошувда ишни ташкил этаётган маҳкумлар учун ихтисослашган касалхона жамоасига ва жазони ижро этиш бош бошқармаси раҳбариятига самимий миннатдорчилик” билдириш билан тугатган.

Бош прокуратура расмий баëнотига кўра¸ “ўзини Давлат хавфсизлик хизмати масъул ходими деб таништириб, фирибгарлик йўли билан одамлардан жуда катта миқдорларда пул олган”ликда айбланган Саид-Абдулазиз Юсупов устидан 2019 йил кузида ëпиқ маҳкама ҳукм чиқарган.

2019 йилнинг 10 май куни ДХХ ходимлари томонидан ҳибсга олинган Саид-Абдулазиз Юсуповга тергив томонидан Жиноят кодексининг 167- ("Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш"), 168- ("Фирибгарлик") ҳамда 28- ("Жиноят иштирокчиларининг турлари") ва 211- ("Пора олиш-беришда воситачилик қилиш") моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганлик айби қўйилган.

Ҳозиргача ҳукм ҳақида расмий хабар берилмаган. Озодлик манбаларига кўра¸ Юсуповга фирибгарлик айблови бўйича 6¸5 йиллик қамоқ тайинланган¸ жабрланувчиларга етказилган зарар тўланган ва бу иш бўйича озод қилиш сўралган кассация шикояти берилган.

Ҳибсга олинганидан сўнг Юсуповнинг онаси ва хотини унинг тергов давомида қийноққа солингани ва зудлик билан тиббий ëрдамга муҳтожлигини билдирган¸ аммо прокуратура бу иддаоларни рад қилган эди.