Коронавирус эпидемияси ортидан Россия Хитой билан чегараларини бутунлай ëпди

Россия Хитой билан ҳаво ва қуруқлик орқали ўтиб-қайтишни бутунлай тўхтатди.

30 январь куни Россия Бош вазири Михаил Мишустин раислигида ўтказилган ҳукумат йиғилишида коронавирус эпидемиясидан сақланиш мақсадида мамлакатнинг Хитой билан чегаралари бутунлай ëпилгани айтилди. Россия-Хитой чегараси дунëдаги энг узун чегаралардан биридир.

Бош вазирнинг бу ҳақдаги топшириғи 30 январдан кучга кирган. Россия расмийларига кўра¸ ҳозирда мамлакатда коронавирусга чалинганлар қайдга олинмаган.

Хитойнинг барча минтақаларига тарқаган бу вируснинг 30 январга келиб камида 7700 одамда аниқлангани айтилмоқда.

30 январга келиб дунëнинг энг йирик 10 авиакомпанияси Хитойга учадиган рейсларини вақтинча тўхтатди.

Булар орасида Lufthansa¸ Air France, British Airways ва Finair ширкатлари бор. American Airlines эса¸ Хитойга йўловчи рейсларининг 9 февралдан 27 мартгача тўхтатилишини эълон қилди.

Сўнгги хабарларга кўра¸ ҳозирга келиб дунëнинг 15 давлатида коронавирусга чалинган беморлар аниқланган. Улар орасида АҚШ¸ Германия¸ Франция¸ Сингапур ва Япония бор.