30 январь куни АҚШ сенатори Ламар Александер президент Дональд Трамп импичменти доирасида муҳим гувоҳларни чақиртиришга қарши овоз беришини маълум қилди. Бу эса Сенат Трампни айбдор деб топишига бўлган умидни сўндирди.
Сенатор Александер импичмент доирасида ўтказилган икки кунлик сўроқ ортидан демократлар қистовига қарамасдан, гувоҳ чақиришига қарши овоз беришини айтди.
Демократлар АҚШ президентининг миллий хавфсизлик бўйича собиқ маслаҳатчиси Жон Болтон ҳамда бошқа муҳим гувоҳлар кўрсатма беришини хоҳлаган эди.
Сенатор Александер эълон қилган билдирувда “Қўшимча далиллар учун эҳтиёж йўқ”, дейилади.
Гувоҳ чақирилиши учун тўрт нафар республикачи овози керак эди. Александердан бошқа уч республикачи сенатор айнан шундай қилишини изҳор қилган.
Демократлар назоратидаги Намояндалар палатаси 2019 йил декабрида АҚШ тарихида учинчи марта президентга импичмент эълон қилиш учун овоз берган эди. Намояндалар палатасидаги Демократик партия аъзолари 18 январь куни Трампни давлат ваколатидан ўз шахсий сиëсий манфаати учун фойдаланганлик ва ўз кирдикорларини яшириш учун Конгресс терговига халақит берганликда айбловчи ҳужжатни расман Сенатга тақдим қилди.
Трампнинг ўзи унга қўйилган айбловларни рад этиб келади.