Ўзбекистонлик 3 талаба Пекин аэропортида қолиб кетди

Пекин аэропортидаги ўзбекистонлик талабалар, 26 январь, 2020 йил

Ўзбекистонлик 3 талаба, Тошкент билан Пекин ўртасида авиақатнов тўхтагач, Пекиндаги аэропортда қолиб кетди.

Ўзбекистоннинг Хитойдаги элчихонасидан олинган маълумотга кўра, аэропортда қолаётган талабалар билан алоқа ўрнатилган.

"Талабалар билан мунтазам алоқадамиз, имкон бўлиши билан уларни Ўзбекистонга жўнатишга ҳаракат қилаяпмиз. Улар меҳмонхонага жойлаштирилди. 4 февраль куни Тошкентга учиб кетишади", деди элчихона консули Бобур Яҳёев.

Консул Хитой ҳудудида бўлиб турган ўзбекистонликларни тезроқ ортга қайтариш чоралари кўрилаётганини яна бир карра урғулади.

Ўзбекистон коронавирус тарқалиши сабабли 1 февралдан Хитой билан авиақатновни вақтинча тўхтатди.

Айни пайтда Хитойнинг коронавирус тарқалган ҳудудларидан ўзбек ватандошларини Ўзбекистонга қайтариш бўйича ҳукумат комиссияси тузилган.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигига кўра, ўзбек ватандошларини Хитойдан қайтариш учун махсус чартер рейс қўйилади.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги маълумотига кўра, Хитойнинг коронавирус тарқалган ва мураккаб эпидемик вазият ҳукм сураётган Хубей провинцияси ҳудудида бугунга қадар 80дан ортиқ ўзбекистонлик талаба қолмоқда.

Декабр ойининг охирида Хитойнинг Ухан шаҳрида қайд этилган вирус қурбонлари сони 300 нафардан ошди, касаллик 15 мингга яқинлади.

Жаҳон Соғликни сақлаш ташкилоти хавфли вирус сабаб фавқулодда ҳолат режимини эълон қилди.

Қирғизистон ҳам Хитой билан чегараларни вақтинча ёпганини маълум қилди.

Қозоғистон ва Хитой чегарасида қурилган Хоргос халқаро чегара маркази вақтинча фаолиятини тўхтатди.

Қозоғистон, шунингдек, Хитой билан автобус қатновларини ҳам тўхтатди.

Қозоғистон ҳукумати 3 февралдан бошлаб, поезд ҳамда ҳаво қатновлари тўхтатилишини ҳам маълум қилди.