“Ўзбекистон ҳаво йўллари” 4 февралдан Хитойга қатновни тўхтатади

Иллюстратив сурат.

Жорий йил 4 февралидан бошлаб Uzbekistan Airways авиаширкати Хитойнинг Пекин ва Урумчи шаҳарларига мунтазам рейсларни вақтинча тўхтатади. Бу ҳақда ширкат матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Авиақатновларнинг тўхтатилишига Хитойда тожли вирус тарқалиши сабаб ўлароқ кўрсатилмоқда.

Аввалроқ Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ўзбек ватандошларини Хитойдан қайтариш учун махсус чартер рейс қўйилишини маълум қилган.

Вазирлик маълумотига кўра, Хитойнинг коронавирус тарқалган ва мураккаб эпидемик вазият ҳукм сураётган Хубэй провинцияси ҳудудида бугунга қадар 80 дан зиёд ўзбекистонлик талаба қолмоқда.

Декабр ойининг охирида Хитойнинг Ухан шаҳрида қайд этилган вирус қурбонлари сони шу кунда, сўнгги маълумотларга кўра, 350 нафардан ошди, касалликка чалинганлар сони эса 17 минг нафардан ошиб кетди.