АҚШ Давлат котиби Майк Помпео Толибон Афғонистонда зўравонликни озайтиришини кўрсатувчи далил тақдим этсагина, бу жангари гуруҳ билан музокаралар давом этишини айтди.
3 февраль куни Ўзбекистонга хизмат сафари билан келган Помео жангари гуруҳ билан бундан олдинги музокаралар Толибон чиндан тинчлик ўрнатишни хоҳлашини кўрсата олмагани учун муваффақиятсиз якунлаганини таъкидлади.
- Фикримизни аниқ-тиниқ баён этган ҳолда тинчлик ва дўстона муносабатларни тиклаш режаси устида ишлаяпмиз. Бир сафар келишувга эришишимизга оз қолди: ... аммо Толибон зўравонликни озайтиришни исташини ёки бунга қодир эканлигини кўрсатиб бера олмади. Умид қиламиз, ўша босқичга етамиз, аммо ҳозирча ҳали қилинадиган иш, шубҳасиз, кўп, - деди Помпео 3 февраль куни Тошкентда.
Давлат котибининг ушбу билдирувидан икки кун олдин АҚШ махсус вакили Залмай Ҳалилзод Кобулда Афғонистон президенти Ашраф Ғани билан учрашиб, Толибон билан музокараларда “айтарли силжиш бўлмаганини” таъкидлаган эди.
3 февралда Тошкентда Марказий Осиё давлатлари ва АҚШ ташқи сиёсат идоралари раҳбарларининг “C5+1” шаклидаги учрашуви бўлиб ўтди.