Россия коронавирус юқтирган хорижликларни бадарға қилиши мумкин

Россия бош вазири Михаил Мишустин.

Россия коронавирус юқтирган хорижликлар мамлакатдан бадарға қилиниши мумкинлигини маълум қилди.

2 февраль куни Россия бош вазири Михаил Мишустин Сочи шаҳрида ўтказилиши режалаштирилаётган сармоя форуми вирус эпидемияси туфайли кейинга қолдирилганини айтди.

Россияда бугунга қадар икки кишида коронавирус аниқланди. Уларнинг иккиси ҳам Хитой фуқаросидир.

Сўнгги хабарларга кўра, Хитойнинг Ухан шаҳридан тарқалган коронавирусдан ўлганлар сони 360 дан ошди, 17 ярим мингга яқин кишига вирус юққан.

- Янги вирус ўта хавфли хасталиклар сафига қўшилди. Бу эса мазкур касаллик ташхиси қўйилган хориж фуқароларини бадарға қилишимизга йўл очади, — деди Мишустин.

- Энг аввало ўз фуқароларимиз ва форум иштирокчилари хавфсизлиги ва соғлиғи ҳақида қайғуришимиз керак, — дея қўшимча қилди вазир.

Мишустиннинг сўзларига кўра, Россияда ҳозир “вазият назорат остида”.
Мишустиннинг ушбу билдирувидан бир неча соат олдин АҚШ коронавирус ўчоғи Хубэй вилоятидан Америка фуқароларини эвакуация қилиш учун яна бир неча учоқ юборишини эълон қилган эди.