Қирғизистон Олий суди умрбод қамоққа ҳукм қилинган ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаров ишини “янги ҳолатлар очилгани муносабати билан” қайта кўриб чиқади. Маҳкаманинг илк мажлиси 25 февралга белгиланган. Бу ҳақда Озодликнинг қирғиз хизматига қирғизистонлик ҳуқуқ фаоли Тўлеқан Исмаилова маълум қилди.
Олий суд матбуот хизмати бу хабарни тасдиқлади. Қайд этилишича, Бозорқўрғон туман суди иш материалларини юқори инстанцияга топширган.
Қирғизистон шу йил 21 январида БМТнинг инсон ҳуқуқлари кенгаши мажлисига сўнгги тўрт йилда қилинган ишлар бўйича ҳисобот тақдим қилган. Ўша пайтда БМТнинг бошқа аъзолари Бишкекка ўз таклифлари берган. Жумладан, Ирландия вакили Қирғизистонни қамоқдаги ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаровни озод қилишга чақирганди.
Азимжон Асқаров 2010 йилдаги қонли ҳодисалардан кейин тартибсизликлар уюштирганлик ва милиция ходимини ўлдиришда қатнашганлик гумони билан қўлга олинган. Барча инстанциялардаги судлар қарори билан у умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган.
2016 йилнинг апрелида БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитаси Қирғизистон расмийларини инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси ишини қайта кўриб чиқишга чақирган. Қўмита ўз қарорини ноқонуний қўлга олиш, қийноқлар қўллаш ва Азимжон Асқаровни оғир шароитларда сақлаб турилиши билан асослаган. Қирғизистон суди ишни янги ҳолатлар бўйича қайта кўриб чиққан, бироқ ҳукмни ўзгаришларсиз қолдирган.