3 феврал куни Ўзбекистоннинг Екатеринбург шаҳридаги (Россия) Бош консулхонаси 3 нафар Ўзбекистон фуқароларининг коронавирус гумони билан касалхонага ётқизилгани тўғрисида ОAВ хабарини тасдиқлади.
Бу ҳақда хабар қилган ТИВ матбуот хизматига кўра, Новосибирск-Тюмень авиарейсида учган Хитой фуқаросида коронавирус аниқланганидан сўнг ушбу рейснинг барча йўловчилари, шу жумладан ўзбекистонликлар касалхоналарга жойлаштирилган.
Хабар қилинишича, Бош консулхона ўзбекистонликлар жойлаштирилган тиббиёт муассасаси билан алоқа ўрнатган, шифокорлар берган маълумотга кўра Ўзбекистон фуқароларининг аҳволи қониқарли ва коронавирус симптомлари кузатилмаяпти. Уларнинг анализлари Тюмень ва Новосибирск тиббиёт муассасаларига юборилган, у ерда пухта ўрганилганидан сўнг тиббий хулоса берилади.
Консуллик-ҳуқуқий департаменти Россиянинг Урал федерал округи (Курган вилояти, Свердловск вилояти, Тюмень вилояти, Челябинск вилояти, Ханти-Мансийск автоном округи – Югра, Ямал-Ненецк автоном округи) ҳудудида бўлиб турган Ўзбекистон фуқаролари зарур ҳолатларда Ўзбекистоннинг Екатеринбург шаҳридаги Бош консулхонасига қуйидаги телефон рақамлари орқали мурожаат қилишлари мумкинлигини эслатиб ўтади: +7 343 276 31 66, +7 343 272 31 33.