Хитой расмийлари янги коронавирус тарқалишининг олдини олишда камчиликлар ва хатоларга йўл қўйилганини тан олди.
3 февраль куни Хитой Компартияси Марказий қўмитасининг Cиёсий бюроси Доимий қўмитаси миллий фавқулодда вазиятларни бошқариш тизими яхшиланиши кераклигини тан олиб, ёввойи жониворлар бозорлари назоратга олиниши кераклигини таъкидлади.
2019-nCoV ўткир респиратор вируси Хитойнинг Ухан шаҳридаги мол бозорида пайдо бўлгани тахмин қилинмоқда.
Хитой ҳукумати, шунингдек, тиббиёт мосламалари, маскалар, ҳимояловчи формалар ҳамда кўзойнаклар учун катта эҳтиёж туғилганини билдирди.
Сўнгги хабарларга кўра, Хитойнинг Ухан шаҳридан тарқалган коронавирусдан ўлганлар сони 420 дан ошди, 20 мингдан ошиқ одам вирусга чалинди.
4 февраль куни Ҳонконгда вирусни юқтирган шахс ҳалок бўлди. Бу эса Хитойнинг асосий ҳудуди ташқарисида ҳалок бўлган иккинчи бемордир.