Бухорода Ўзбекистон ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов иштирокида ички ишлар органлари фаолияти бўйича танқидий-таҳлилий руҳда йиғилиш ўтказилди. Бу ҳақда ИИВ матбуот хизмати маълумот тарқатди.
Йиғилиш чоғида Бухоро вилоятининг айрим ҳудудларида ички ишлар органларининг бошқа ҳуқуқ-тартибот идоралари ва кенг жамоатчилик билан ўзаро ҳамкорликда, ҳуқуқбузарликларни олдини олиш борасида аниқ ёндашув асосида тизимли иш олиб бормагани қаттиқ танқид қилинган.
Қайд этилишича, йиғилишда хизматни ташкил этишда жиддий камчиликларга йўл қўйган Қоракўл тумани ИИБ бошлиғи О. Қурбонов, Бухоро вилояти ИИБ пробация бўлими бошлиғи Б. Асадов, Бухоро тумани ИИБ бошлиғининг биринчи ўринбосари Ш. Гадоев, Пешкў тумани ИИБ бошлиғининиг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари А. Салихов, Қоракўл тумани ИИБ тергов бўлинмаси бошлиғи Ф. Норов ҳамда 6 нафар профилактика инспектори лавозимидан озод этилган.
Бухоро вилояти ИИБ ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси бошлиғи Ж. Болтаев, Бухоро тумани ИИБ бошлиғининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари М. Мустафоев, Бухоро вилояти ИИБ 1-сонли жазони ижро этиш колонияси бошлиғининг тарбиявий ишлар бўйича ўринбосари Т. Абдуллаевларнинг ҳар бирига интизомий жазо чоралари берилган.