Хитойнинг Ухан шаҳридан учган Uzbekistan Airways авиаширкати учоғи йўловчилар билан 5 февраль куни маҳаллий вақт 11:45 да Тошкент аэропортига етиб келади. Бу ҳақда авиакомпания матбуот хизмати маълумот тарқатди.
Учоқда 84 нафар йўловчи, экипаж аъзолари, шунингдек, тиббиёт ходимлари ва замонавий ҳимоя воситалари билан вирусология соҳаси мутахассислари бор.
Ухандан Ўзбекистонга қайтган йўловчилар вақтинча яшаш марказига юборилиши кутилмоқда.
Аввал хабар қилганимиздек, 4 февраль куни 250 ўзбекистонлик чартер рейс билан Хитойдан Тошкентга учиб келган. Ўзбек расмийлари кеча келган йўловчиларда коронавирус аниқланмаганини билдирганлар.
Сўнгги маълумотларга кўра, Хитойнинг Ухан шаҳрида қайд этилган вирусдан ўлганлар сони 500 нафарга яқинлашиб қолган, вирусни юқтириб олганлар сони эса 24 мингдан ошиб кетган.