“Баҳор” давлат рақс ансамбли қайта тикланди

2019 нинг ёзида 95 ёшида вафот этган Қундуз Миркаримова “Баҳор” ансамблида яккахон раққоса, педагог-репетитор, кейинроқ эса бадиий раҳбар бўлиб ишлаган.

4 февралда Ўзбекистон президенти “Миллий рақс санъатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор қабул қилди.

Адлия вазирлигининг хабар қилишича, қарорга мувофиқ, Маданият вазирлиги ҳузурида давлат муассасаси шаклида Мукаррама Турғунбоева номидаги “Баҳор” давлат рақс ансамбли” ташкил этилди ва унинг асосий вазифалари белгиланди.

Ўзбекистонда рақс санъатини янада ривожлантириш, миллий рақс санъатининг мумтоз ва замонавий ижро намуналари “олтин фонди”ни яратиш давлат рақс ансамблининг вазифаларидан бири ҳисобланади.

Қарорга кўра, давлат рақс ансамбли концерт-томоша фаолиятини тегишли лицензия олмасдан, шунингдек, Ўзбекистонда концерт-томоша тадбирларини бир марталик рухсатнома олмасдан амалга ошириш ҳуқуқига эга.

Давлат рақс ансамблининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва ижодкорлари ижтимоий шароитини яхшилаш мақсадида доимий ҳомийлик ёрдами кўрсатишни назарда тутувчи “Дўстлар клуби” ташкил этилади.

"Баҳор" рақс ансамбли Совет даврида ташкил этилган, мустақиллик йилларида фаолияти тўхтаб қолган эди.