5 февралда Uzbekistan Airways авиакомпаниясининг Хитойдан Ўзбекистон фуқароларини олиб учган самолёти Тошкент вақти билан соат 11:42да Тошкент аэропортига етиб келди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.
Учоқда Ухандан эвакуация қилинган 84 йўловчи, экипаж аъзолари, шунингдек, тиббиёт ходимлари ва замонавий ҳимоя воситалари билан вирусология соҳаси мутахассислари ватанга олиб келинди.
"Айни пайтда тиббиёт ходимлари томонидан самолётдаги йўловчиларни тиббий кўрикдан ўтказиш, уларнинг уст-боши ҳамда юкларини тўлиқ зарарсизлантириш чоралари кўрилмоқда. Шундан сўнг уларни махсус тайёрланган тиббиёт муассасасига жойлаштириш кўзда тутилган", дейилган ССВ хабарида.
Аввал хабар қилганимиздек, 4 февраль куни 250 ўзбекистонлик чартер рейс билан Хитойдан Тошкентга учиб келган. Ўзбек расмийлари кеча келган йўловчиларда коронавирус аниқланмаганини билдирганлар.
Сўнгги маълумотларга кўра, Хитойнинг Ухан шаҳрида қайд этилган вирусдан ўлганлар сони 500 нафарга яқинлашиб қолган, вирусни юқтириб олганлар сони эса 24 мингдан ошиб кетган.