Ўзбекистонда умумий дори воситаларининг 45 фоизи маҳаллий компаниялар томонидан ишлаб чиқарилмоқда. Аммо пулга чаққанда, яъни умумий айланмадаги ҳиссаси ҳисобланганда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар улуши 20 фоизга тенг.
Бу маълумотни Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Сардор Кариев 5 февраль куни Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги, Монополияга қарши курашиш қўмитаси, «Дори-дармон» АК мутахассислари иштирокида бўлиб ўтган тадбирда очиқлагани тўғрисида kun.uz хабар қилди.
Сардор Кариевга кўра, Қибрай туманида 42 гектар майдонда ташкил этилаётган Фармацевтика кластери соҳадаги муаммолар, жумладан кадрлар масаласини ҳам бартараф этишга мўлжалланган.
Кластер ишга тушганидан сўнг маҳаллий дорилар бозорнинг қанча қисмини эгаллаши мумкинлиги хабарда айтилмаган.