Пекиндан яна 251 нафар ўзбекистонлик эвакуация қилинди

Иллюстратив сурат.

Коронавируснинг тарқалиши туфайли ўзбекистонликларни Хитойдан кўчириш жараёни якунланди. Бу ҳақда Uzbekistan Airways авиаширкати ўз Телеграм канали орқали маълумот тарқатди.

Маълумотларга кўра, Пекиндан йўловчилар билан учинчи рейс Тошкентга 6 февраль куни маҳаллий вақт билан 4:40 да етиб келган.

Учоқ бортида 251 йўловчи, экипаж аъзолари ва замонавий ҳимоя воситалари бўлган тиббиёт вакиллари бўлган.

Хитойдан қайтганлар коронавирус тарқалишининг олдини олиш мақсадида Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти ҳудудида махсус тайёрланган тиббиёт муассасаларида 14 кун давомида карантин ҳолатида сақланиши айтилмоқда.

Сўнгги маълумотларга кўра, Хитойнинг Ухан шаҳрида қайд этилган вирусдан ўлганлар сони 563 кишига етган, вирусни юқтириб олганлар сони эса 28 минг нафардан ошиб кетган.